ЎЗБЕКИСТОН: ҲУКУМАТ ИДОРАСИ АРБОБЛАРИГА ЯНГИ ЙИЛ ДАСТУРХОНИ УЧУН САРМОЯ КЕРАК БЎЛИБ ҚОЛИБДИ ЁХУД МУХОЛИФАТ ФАОЛЛАРИНИНГ МОЛИ ВА ЖОНИГА ТАҲДИД

      Воқеа тафсилотларига ўтмасдан олдин, мен сизга оддий бир ҳақиқатни айтай: турли байрамлар – 8-март, Нарўз, Ҳаъйит, Мустақиллик, шунингдек, Янги йил айёмлари олди Ўзбекистондаги барча ҳукумат идоралари – суду прокурордан тортиб, милиция, солиқ, электр энергияси корхонаси, ўт ўчириш ва ҳатто “санэпедстанция” деб аталмиш ташкилот ходимларига қадар барча-барчаси қўлларига қармоқ оливолиб, “ов”га чиқишади. Нега дейсизми? Байрам яқин, харажатлар улкан. Албатта, ҳамёнларини қаппайтириш илинжида-да! Ишонмайсизми? Мана, бу гал ҳам, янги йил арафаси олди шундай бўлди. 

         Бу гал Қашқадарё вилояти, Қамаши туман прократураси, ички ишлар ходимларининг тўрига жуда катта лаққа тушди. Аниқроғи, 140 бош қўйу   29 та йирик шоҳли қора мол. Қашқадарё вилоятининг иштаҳаси карнай бўлган маҳаллий ҳокимият вакиллари кўз очиб юмгунча оддий бир фуқаронинг хусусий мулки бўлган нақд 169 бош чорвани ноқонуний йўл билан қўлга киритишди. “Йўғ-э, гап нимада ўзи”, дейсизми? Унда гапни бир бошидан бошлай қолай…

          … Кейинги йилларда  мамлактада чуқур илдиз отган ишсизлик балоси ҳамма қатори Ҳасан  Чориевни ҳам қийнаб қўйганди. Оила тебратиш, болаларнинг орзу-ҳавасини қондириш, инсондек яшаш осон бўлибдими? Бунинг учун тер тўкиш, ишнинг кўзини билиш, бирор бир ҳунарнинг бошини тутиш керак. Мамлакатдаги аҳвол эса ўзингизга маълум: тўрт томонда ишсизлик. Ҳукумат ўзини эплолпаяпти-ку, аҳолини қаердан ҳам боқсин, қандай қилиб иш билан таъминласин? Ахир Ўзбекистондаги бор ишлаб чиқариш корхоналари ҳам тутдек тўкилиб битган бўлса. Ерларни-ку, сўраманг, деҳқончилик қилай деса, ерларни ҳам “фермерман” деган тўртта бойвачча сотиб олиб қўйган бўлса?… Ўйлай, ўйлай охийри, Ҳасан Чориев иқтисодий ночорлик батқоғидан беталофат чиқиб кетишнинг энг қулай йўли чорвачилик билан шуғулланишда деган хулосага келди. Тўғри-да, барча соҳалар каби айни дамда юртимизда чорвачилик ҳам ниҳоятда оқсаб қолган. Кўрсатгич бобида чорвачилик рўйхатнинг энг охиридан биринчи ўринда туради, ахир. Чорвачилик билан банд бўлган одам кам бўлмайди. Гўшт, сут, қатиқ, қаймоқ, сариёғ дегани текин бўлса, ёмонми? Яна бу ёқда “Мамлакат юртбошиси юртни гуллаб яшнатиш учун ишбилармонлар керак! Фермерга тегманг, чорвадору тадбиркорнинг ишига ноқонуний аралашманг, кунингизни кўрсатаман” дея идора раҳбарларига дағдаға қилиб турган, ишлайман деган одамга кенг имкониятлар эшигини очиб бериб қўйган бўлса?… Хуллас, у эмас, бу эмас, Ўзбекистондаги мавжуд қонунчиликдан, юрт отасининг оташин нутқларидан илҳомланган Ҳасан Чориев чорвачилик  қилишга бел боғлади. Ва бунинг уддасидан чиқди ҳам. Одатда, бирор бир ишни – чорвачилик ёхуд тадбиркорликнинг бошидан тутаман деган одамга сармоя асқотиши табиий. Шундай пайтда тадбиркор нима қилади? Ҳукуматдан, давлат банкларидан мадат кутади. Оёққа туриб олиш учун гоҳо фоизли, гоҳо фоизсиз кредит – қарз кўтаради. Энг қизиғи, Ҳасан Чориев чорвачилик фермасини бунёд этиш учун ҳукуматдан хайр-эҳсон сўраган эмас. Ҳеч бир банк эшиги олдида кретид сўраб сарғаймади ҳам. Эътибор беринг, Ҳасан Чориев ҳукумат ва банкларнинг кўмагисиз, ҳеч бир ҳимматисиз  чорвачилик фермасига асос солди. Отини сотди, молини сотди, оиласи, бола-чақасининг рисқини қийиб бўлса-да сармоя тўплади. Камига қариндош уруғлардан қарз кўтарди, йўқдан йўндириб, охийри мақсадига эришди. Ҳ. Чориевнинг заҳматлари ўлароқ Ихтиёр фермер хўжалиги ташкил этилди. Биласиз, чорвани ем-ҳашак, тўйимли озуқа билан таъминлашнинг ўзи бўлмайди.  Ҳасан ака ўзининг  ишбилармонлиги, меҳатсеварлиги туфайли йиллар давомида  чорвани оёққа қўйиш борасидаги барча қийинчилигу камчиликларни бартараф этишга муваффақ бўлди. Йўқдан бор қилган чорвадор айни кунларда чеккан заҳматлари, меҳнатларининг ҳузурини кўраман, кўнгилдагидек яшаб, орзуларимга етаман дея енгил тин олиб турганида, буни қарангкки, лоп этиб, тайёрга айёрлар чиқиб қолди.

            Сиз ажабланманг, Ўзбекистон ҳукуматининг тактикаси ўзи шунақа. Аввалига ишбилармоннинг иши бароридан келишини сабр билан кутишади, арқонни жуда узу-у-у-ууун ташлаб қўйишади. Тадбиркор ё фермер шўрликнинг омади чопиб, яримта нони бут бўлдими,  бойиб, елкасига офтоб тегдими, тамом, узун ташлаб қўйилган арқон секин тортилади. Бундай ҳолатларда ҳатто мамлакат қонунлари ҳам резинкадек чўзилиб, тўрт томонга, аниқроғи, амалдору арбобларнинг истак-ҳоҳиши томон тортилади-да, бечора ишбилармонларнинг бор топгани, йиққан-тергани, пешона тери эвазига келган мол-мулки   тортиб олинади, йўғ-э, адашдим, қонун тили билан айтганда, “мусодара” қилинади. Ҳа-да, гарчи ноқонуний бўлса-да, ҳукумат вакилларининг қароқчилиги асосида қўлга киритилган ўлжалар  замонавий терминда “мусодара” деб талади. У эмас, бу эмас, мамлакатда фаолият юритаётган тадбиркорларнинг мол-мулкига э йўқ, бе йўқ, соҳиб топилади, ҳукумат амалдорлари  эга чиқади, қўяди. Ҳукумат идоралари мутасаддилари оёққа туриб олган  ишбилармонларнинг  бор-йўғини тортиб олиш бобида  ўзлари ўйлаб топган турфа нағмалардан унумли фойлдаланишади.

          Қашқадарё  вилоятидаги мутасадди идора амалдорлари қарашсаки, Ихтиёр фермер хўжалиги гуллаб-яшнаган. Айни мевага кирган пайти. Тайёрга айёр бўлиш, ҳосилни йиғи-териб олиш, мевалардан баҳраманд бўлишлари керак, ахир. Чунки бу жамиятнинг ёзилмаган қонуни-да! Шундай бўлди ҳам. Худди ана шундай ғаразли мақсаддда  маҳаллий ҳокимиятнинг прокурор деб аталмиш очкўз амалдорлари аввалига Ихтиёр фермер хўжалигини обдон ғалвирдан ўтказишди. Бироқ тафтишлар иш бермади. Чорвачилик фермаси молиявий ҳисоб-китоблару, қўйингчи, барча жабҳада тоза чиқди. Шундоққина тайёр ўлжадан бенасиб қолиш маҳаллий ҳукумат идоралари корчолонларига хуш келди дейсизми? Йўқ-да! Нима қилиб бўлса-да, улар Ихтиёр фермер хўжалигини ўзларининг макрдан тўқилган тузоқларига тушириши, кейин бор-йўғини шилиб, нафсларини қондиришлари керак-да! Йўқса, ётиб, тунлари кўзларига ўйқу келмайди, ахир! Шу сабаб ҳам бундан бир-икки ой аввал мазкур чорвачилик фермасига Қамаши туман электр тармоқлари корхонасининг “ёлланма жосуслари” сафарбар қилинди. Бу – электр тармоқлари ходимларининг шунчаки навбатдаги текшируви, назорати эмасди. Мақсад, нима қилиб, қандай қилиб бўлса-да, нуқсон топиш, ферманинг гарданига катта қарздорлик илишдан иборат эди. Тафтишлари аниқ мақсадга йўналтирилган электр тармоқларининг назоратчилари  ҳатто фермер хўжалигига ўрнатилган электр ҳисоблагичга эътибор қаратишни ҳам эп кўришмади. Таъмага асосланган тафтиш натижасида Ихтиёр фермер хўжалигининг гарданига йўқ жойдан 23 миллон сўмлик қарздорлик туфлаб ёпиштирилди. Ҳа, дарвоқе, шу ерда бир нарсага ҳеч тушунолмай қолдим: Ўзбекистоннинг барча вилоятларида, узоқ туман қишлоқларида, хусусан, Қашқадарё воҳасида, айнан Қамашида  истиқомат қилаётган аҳоли мана, бир-икки йилдирки электр энергияси танқислигидан, ток берилмаётганлигидан, чироқ йўқлигидан нолиб келишади. Халқнинг электр чироғи танқислиги борасидаги барча арз-додлари эртак эмас, бу – ҳақиқат. Шуни комил ишонч билан айтишимиз мумкинки, кейинги бир-икки йил давомида барча вилоят туманлари, қишлоқларида аҳолига бир суткада бор-йўғи икки, кўпи билан уч соат электр токи берилади, холос. У ҳам ярим тундан ошганда, одамлар  бир эмас, икки уйқуни уриб бўлганида. Атай шундай қилинади. Электр энергиясини тежаш мақсадида  чироқ дегани нуқул кишилар ширин тушлар кўриб ётганида берилади. Бу бор гап. Ана, энди ўзингиз дўппини бир четга қўйиб, би-ииир ўйлаб кўринг-а, чироқ ўлгур бир кеча кундузда, у ҳам бўлса, ярим тунда  бор-йўғи икки, кўпи билан уч соатгина берилаётган бир пайтда, эҳтиёжи учун электр токидан  фойдаланмаган, тўғрироғи, имконсизлиги туайли фойдалана олмаган  Ихтиёр фермер хўжалиги қандай қилиб электрдан 23 миллон сўмлик қарздор бўлиши, асли таги йўқ чироқни “ёқиб қўйиши” мумкин? Худди ана шу сабаб ҳам “23 миллон сўмлик қарздорлик”нинг қаердан келиб чиққанлигини англашга, тушунишга қолганда “ақлим оқсаётир”. Азиз ўқувчи, эҳтимол буни тушунарсиз, таҳлил қиларсиз, ўзингиз  ақл тарозисига қўйиб кўрарсиз?

           Хуллас, туман электр тармоқлари идорасининг махсус айғоқчилари  Ихтиёр фермер хўжалигининг бўйнига отнинг калласидек қарздорлик (майли-да, гарчи мутлақо асоссиз қарздорлик бўлса-да) илиб, ўз ишларини “аъло” даражада уддалаб кетишди. Электр тармоқлари назоратчиларининг бу ташрифи талончилик қилиш учун қўйилган илк пойдевор, бир замин эди, холос.

          Қамаши туман электр тармоқлари ходимлари томонидан қўйилган ана шу пойдевор – 23 миллон сўмлик қарздорликка асосланиб аввалига туман пракратураси Ихтиёр фермер хўжалиги устидан жиноий иш қўзғади. Қарашсаки, бу билан нафслари қонмайдиган. Бу ёқда байрам деганиям эшик қоқиб турибди.

        Натижада, 23 миллон сўмлик қарздорликни ўндириш баҳонасида Қамаши туман ички ишлар бўлими раҳбарининг ўринбосари бошчилигидаги 20 нафарга яқин милиция формасидаги ходимлари шу йилнинг 29 декабрь ( топган вақтларини қаранг-а? Нақд Янги йил остонасида!) куни   Ихтиёр фермер хўжалигига “ташланди”. Ҳуқу-тартибот идоралари кийимидаги замонавий қароқчилар фермага келган пайтида, чорва соҳиби Ҳасан Чориев  Шаҳрисабзда, уйида бўлган. Бироқ мулк эгасининг йўқлиги ҳам  қароқчиларга халақит бера олмади. Улар  чорвадору чўпонларга на бир қоғоз кўрсатишди, на бир хат. 

“Бизга Ихтиёр фермер хўжалигининг туман электр тармоқлари корхонасига тўлаши шарт бўлган 23 миллон сўмлик қарздорлигини ундириш топширилган” дея ИИБ ходимлари хўжалик раҳбари Ҳасан Чориевни ҳам кутмасдан, фермадаги бор мол-қўйларни олдиларига солиб, кетишга шошилишди. Ички ишлар формасидаги ходимлар қўлларида таёқ, чўпонлик қилишса, қизиқ бўларкан. Ажойиб манзара. Худди ана шундай ажабтовур манзарани тасвирга олишга ошиққан Зулайҳо Чориева “қўйчувон”ларнинг, яъни ИИБ ходимларининг қахрига йўлиқди. Шусиз ҳам бировнинг мол-мулкини, қўй-қўзисини ноқонуний йўл – зўрлик, зўровонлик билан  тортиб олаётган, фермерни куппа-кундуз куни тунаётган ИИБ кийимидаги қароқчилар ўз кирдикорлари, қилмишлари, ҳатти-ҳаракатларининг суръатга муҳрланишини, ведиотасвирларда акс этишини, жиноятларидан из қолдиришни исташади дейсизми? Албатта, йўқ.  Чўчиб кетган ички ишлар ходимлари     Зулайҳо Чориевага ташланишди. Зулайҳонинг қўлидаги фотоаппарат ва ведиокамерани тортиб олиб, чил-парчин қилишди. Тасвирга олиш қуролларини яксон қилиб ҳам кўнгиллари таскин топмаган  ҳуқуқ-тартибот ходимлари “ўзбошимчалик” қилиб,  суратга олган Зулайҳо Чориеванинг    ҳам таъзирини бериб қўйишга киришиб кетишди. Аёл шўрликни ҳам тасвирга олиш асбоблари каби синдирмоқчи бўлишди чамаси, калтаклай кетишди. 3-4 нафар ички ишлар ходимлар томонидан берилган аёвсиз зарбалар ўз кароматини кўрсатди, Зулайҳонинг соғлигига жиддий путур етди. Айни дамда у бетоб, саломатлиги хавф остида. Даволанишга, шифокор кўригига муҳтож.

        Аммо  калтаклар ёмғири остида қолган ёлнинг оғир аҳволи ҳам ИИБ ходимларини ноқонуний йўлдан тўхтатиб қололмади. Зулайҳонинг қонга беланган қиёфаси бундай ҳолатларни кўравериб кўзи пишиб кетган милиция ходимларига чивин чаққанчалик таъсир қилмади.

        Бир сўз билан айтганда, ҳукуматнинг қароқчиларини талончиликдан ҳеч ким тўхтатиб қололмади. Улар ўша куниёқ Ихтиёр фермаси ихтиёридаги бор йирик шохли қора молларни, қўй-эчкиларни ортиғи билан олдига солиб, ҳайдаб кетишди.

        Ортиғи билан дейишимизга сабаб шундаки:

– Биз, Ҳасан Чориевнинг туғишганлари, қариндошлари, шу Ихтиёр фермер хўжалигида ишлаймиз. Биласиз, бу йил қиш қаттиқ келмоқда. Газ йўқ, ток йўқ, нафақат оғилхоналар, уйларимиз ҳам музлаб ётибди. Уйдаги мол-ҳолларимизга зиён етмаслиги учун, сигирларимиз, қўй-қўзиларимизни қишдан беталофат олиб чиқиш мақсадида ҳамма қариндош уруғлар уч ой қишда шу ерга, Ихтиёр фермер хўжалигига олиб келамиз. Молларимиз шу хўжалик биносида жон сақлайди. Бу милисаларнинг бостириб келиб, бор жониворларни олдига солиб кетиши кимнинг хаёлига келибди, дейсиз. Бу ноҳақликдан ҳўлу-қуруқ баробар ёнди. Ихтиёр фермер хўжалиги ҳисобидаги чорвага қўшиб, бизнинг хусусий мулкимиз, сигир-бузоқ, эчки улоқларимизни ҳам “ҳай, ҳай”лашимизга қарамасдан, ҳайдаб кетишди. Мана, икки кундирки чорвамизни қерга олиб кетишди, бу совуқда жониворларни қаерда сақлашмоқда, бехабармиз, – дейди  скайп орқали биз билан бўлган суҳбатда Ҳасан Чориевнинг  невараси Дилшод Нурхонов.

          Шу ўринда савол туғилади: нега шундай бўлди? Нега Хасан Чориев 169 бош чорвасидан бир зумда айрилиб қолди? Нима, Ихтиёр фермер хўжалиги қонун талабларини бузганмиди? Электр тармоқларидан қарздорлик ҳақиқатмиди, ё руё? Мавжуд қарздорлик вақтида ҳисоб-китоб қилинса, тўлаб қўйилса бўлмасмиди? Туман ички ишлар  бўлимининг бошлиқ ўринбосари бошчилигидаги ходимларининг ҳатти-ҳаракатларичи? Қонунийми? Мақола ёзиш жараёнида  биз юқоридаги саволларга жавоб топиш борасида  ҳуқуқшунос маслаҳатига муҳтожлигимизни ҳис қилдик.

          – Ихтиёр фермер хўжалигининг Қамаши туман электр тармоқларидан қарздорлиги бор, ёки йўқлиги, бу иккинчи масала.  Дейлик, модомики, электр тармоқлари корхонаси назоратчилари ҳақиқатдан мазкур хўжаликда қарздорлик мавжудлигига аниқлик киритишган экан, ташкилот, корхона, хўжалик ва фермалардан қарздорлик бу каби зўравон усулда ундирилмайди, тортиб олинмайди. Мамлакатимизда мавжуд қонун-қоида бор. Шунинг учун ҳам электр тармоқлари корхонаси қарзни ундириш борасида Ихтиёр фермер хўжалигини жавобгар сифатида кўрсатган ҳолда Хўжалик судига мурожаат этишлари лозим эди. Ана шу Хўжалик судининг мажлисида, дастлабки суд жараёнларида Ихтиёр фермер хўжалиги ҳақиқатдан ҳам қарздорми, йўқми, бу масалага аниқлик киритиларди. Бунда даъвогарлар ҳам, жавобгар томон  вакиллари ҳам ўз далил-исботлари, важларини судга тақдим этишарди. Суд ана шу тарзда масалага ойдинлик киритгач,  Ихтиёр фермер хўжалиги ҳақиқатдан ҳам қарздор ёки йўқлиги хусусида суд томонидан ҳал қилув қарори чиқариларди. Агар хўжалик суди мазкур фермани қарздор деб топса,  суд қарори белгиланган муддатдан кейин ўз-ўзидан  ижрочилар қўлига ўтади. Бирор бир ташкилотдан бирор бир корхонага қарздорликни ундириб бериш туман ички ишлар ходимларининг эмас, суд ижрочиларининг вазифаси. Эслатаман, қарздорликни ундириш учун энг авало суд қарори бўлиши шарт.  Энди Қамашидаги воқеага келсак, туман прократураси Ихтиёр фермер хўжалиги устидан қарздорлик масаласида жиноий иш қўзғаган эканми? Шундай бўлиши ҳам мумкин… Қонунни биласиз-ку? Энди …  биласизми, ҳар куни битта қонун чиқади, ҳар куни қонун-қоидалар ўзгаради… Бўлса, бордир. Майли, дейлик, туман прократураси Ихтиёр фермер хўжалиги устидан жиноий иш қўзғатган тақдирда ҳам, прократуранинг айблов хулосаси жиноят ишлари бўйича судга ўтиши лозим эди.  Қачонки жиноят ишлари бўйича суди томонидан Ихтиёр фермер хўжалигини  элктр тармоқлари корхонасидан 23 миллон сўм қарздор деб топилса, ана ундан кейингина белгиланган тартибда иш олиб борилиши керак.  Нима, чорвани олиб кетишга келган туман ички ишлар ходимларининг қўлида суд қарори мавжудмикин? – дея фикрларини баён қилди исм-шарифини ошкор қилишмизни истамаган адвокатлардан бири, -Биласизими, фикрларимдан фойдаланишингиз мумкин, аммо илтимос, номимни ёзиб ўтирманг. Судьяликка заҳирада турибман. Яқинда омад кулиб боқиш эҳтимоли бор. Карьерамга соя солмасин.

        Ҳуқуқшунос билан бўлган суҳбатдан кейин ҳам яна ўша саволлар қалбни тиғлайди: нега бундай бўлди? Гўштнинг нархи осмонда бўлиб турган бир пайтда, нега энди беш эмас, ўн эмас, бира тўла 169 бошли чорвани тунашди? Сабаб? Масаланинг моҳияти фақат Ихтиёр фермер хўжалигининг туман электр тармоқларидан бўлган қарздорлигидами?  Агар шундай деб ўйласангиз, адашасиз?

Гап  Ихтиёр фермер хўжалигининг қарздорлигида эмас, ҳамма гап унинг раҳбарида.  Гап шундаки, Ихтиёр фермер хўжалиги раҳбари Ҳасан Чориев “Бирдамлик” Халқ ҳаракати Қашқадарё вилояти, Қамаши туман бўлими раҳбари.  Ички ишлар ходимларининг беаёв калтаклари таъмини таътиб, соғлиғига жиддий путур етган Зулайҳо Чориева эса “Бирдамлик” Халқ ҳаракати фаоли. Мана, гап қаерда! Масаланинг моҳиятини, адашмасам, энди тушунгандек бўлдингиз…

        Қашқадарё вилояти маҳаллий ҳокимият вакиллари, суд, прократура, ички ишлар идоралари, барча-барчаси айём арафаси ўлжасини кутиб турган наҳангдек   тамшаниб ўтиришган бир пайтда (ойлик маошларига бир қути сигарет ҳам бермаганидан кейин аҳвол шу-да!) ҳой-наҳой ЮҚОРИДАН  (бир-икки ой олдин номозхонларга ҳужум уюштирилгани каби) бугун  мамлакатдаги “мухолифатчиларга”  “ЎЛИМ” деган фатво келган кўринади!  Бундай мазмундаги кўрсатма  кўзи оч муттаҳам мутасаддиларга қўл келди, адашмасак. Йўқса, туман ички ишлар бўлими раҳбарлари бир фермернинг нақд 169 бошли чорвасини э йўқ, бе йўқ, олдига солиб, ҳайдаб кетишга ҳаддилари сиғмасди,  бир ожиза аёлни ўласи қилиб калаклашга  журъат  қилмасди, қила олмасди.

       Қамашидаги Ҳасан Чориевга қарашли  Ихтиёр фермер хўжалигининг кейинги  тақдири нима кечишини билмайман-ку, аммо шуни аниқ айтишим мумкин: ҳа-а-ааа, шу кеча кундузда кечаётган Россия ва Қозоғистон воқеалари Ҳукуматни ўта хушёр торттириб қўйганга ўхшайди.  Акс ҳолда Ўзбекистонда мухолифат фаолларининг моли ва жонига очидан-очиқ таҳдид,  беаёв ҳужум бошланармиди?

            

 Малоҳат Эшонқулова

“Бирдамлик” Халқ Ҳаракати Ўзбекистон бўлими раҳбари

  

 

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares